Logo

Ўзбекистон элчиси ЕХҲТ ҳузурида аккредитациядан ўтди

Ноябрь 23, 2023. 14:14 • 2 дақ

329
Ўзбекистон элчиси ЕХҲТ ҳузурида аккредитациядан ўтди

ВЕНА, 23 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов кеча Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Хельга Шмидга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Расмий маросим ЕХҲТнинг Венадаги Котибиятида бўлиб ўтди. Маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.


Хельга Шмид Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги муносабатларнинг бугунги динамикасини юқори баҳолади. Унинг айтишича, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар курси туфайли ҳамкорликда катта ютуқларга эришилди.


У, шунингдек, республика раҳбариятининг фаол минтақавий сиёсатини алоҳида таъкидлади. «Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликнинг фаол тарафдори сифатида Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ўзаро дўстлик муҳитига эришилишига сабабчи бўлди», – деди бош котиб.


Томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар йили амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратдилар.


Шимолий Америка, Европа ва Осиёдан 57 давлат аъзо бўлган ЕХҲТ дунёдаги энг йирик минтақавий хавфсизлик ташкилоти ҳисобланади. Ташкилот тамойиллари минтақада можаролар пайдо бўлишининг олдини олиш, инқирозли вазиятларни ҳал қилиш, можаролар оқибатларини бартараф этишга қаратилган. ЕХҲТ ўз институтлари, эксперт бўлинмалари ва дала операциялари тармоғи орқали қурол назорати, терроризм, яхши бошқарув, энергия хавфсизлиги, одам савдоси, демократлаштириш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва миллий озчиликларни ўз ичига олган умумий хавфсизликка таъсир қилувчи қатор муаммоларни ҳал қилади.


Ўзбекистон 1992 йилдан бери ЕХҲТ аъзоси ҳисобланади.


Эслатиб ўтамиз, 21 ноябрь куни элчи Бахтиёр Ибрагимов Австрия Президенти Александр Ван дер Белленга ишонч ёрлиқларини топширди.


Шунингдек, элчи штаб-квартираси Вена шаҳрида жойлашган Ядро синовларини кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилотидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили сифатида ҳам расман аккредитациядан ўтган эди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш